Иброҳим ота уйида овоз берди

Иброҳим ота уйида овоз берди

Наманган вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов сайловчиларнинг фаоллигида давом этмоқда. Вилоят сайлов комиссиясида ўтказилган брифингда маълум қилинишича, 22 декабрь куни соат 11.00 га қадар сайловчилар умумий сонининг 26,7 фоизи овоз бериб бўлди.
 
Шу билан биргаликда кексалар, ногиронлиги бор ёки бемор юртдошларимизнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларнинг ўз уйларида овоз беришларини ташкил қилиш участка сайлов комиссияларининг алоҳида эътиборида турибди.
 
Наманган туманининг Деҳқонобод маҳалласида 96 ёшдан ошган Иброҳим ота Ҳожаев бир умр ободонлаштириш корхонасида эл-юрт ободлиги йўлидаги ҳалол меҳнати билан ҳурмат-эътибор қозонган инсонлардан бири. Бундан ташқари бугунги кунда энг кенжаси 52 ёшни қаршилаётган ўн бир нафар фарзандига тарбия бериб, эл корига камарбаста қилиб қўйгани билан ҳавас ва ибратга арзигулик. Зеро, Иброҳим отанинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига мувофиқ “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан муносиб тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
 
Ҳудуддаги 72-умумтаълим мактабида ташкил этилган 239-участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма сайлов қутисини олиб Иброҳим отанинг уйига кириб борганида, отахон “Сайловлар қутлуғ бўлсин, болаларим”, дея кутиб олгани кексалиги ва бир оз беморлигига қарамай у кишининг руҳияти бардамлигидан далолат берди.
 
Комиссия аъзолари, аввало отадан ҳол-аҳвол, дуо сўраб, сўнгра мақсадга ўтди. Иброҳим ота комиссия аъзолари кўмагида рўйхатдаги ўзининг исми-шарифи тўғрисига имзо чекиб, ўзи муносиб деб билган номзодни белгилаган сайлов бюллетенини кўчма қутига ташлади.
 
– Яна ўн олти нафар нуроний, 14 нафар ногиронлиги бор ва бемор сайловчилар ҳузурига борамиз, – дейди 239-участка сайлов комиссияси раиси Р.Рўзиева. – Участкамизда сайловчилар фаол овоз бермоқда. Рўйхатга олинган 1 минг 670 нафар сайловчининг 70 фоизга яқини соат 11.00 гача овоз бериб бўлди.
 

Акромжон САТТОРОВ,ЎзА