Юқори кўтаринкиликда

Мамлакатимизда катта сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови юқори кўтаринкиликда ўтмоқда. Бугун вилоятимиздаги 726 сайлов участкаларида юртдошларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатсига сайлов ўтказувчи 13 та округ, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округ ҳамда туман(шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та округлардан кўрсатилаган номзодларни ёқлаб овоз бермоқдалар.
Овоз бериш жараёни Наманган шаҳридаги 14- мактабда жойлашган 64- ва 65- сайлов участкаларида ҳам зўр уюшқоқлик билан бошланди. Сайловга пухта тайёргарлик кўриб қўйилганлиги боис ҳамюртларимиз ўз ҳоҳиш иродаларини эмин-эркин намоён этишмоқда. Овоз беришнинг бориши бешта сиёсий партия вакиллари томонидан кузатиб турилибди.
- Сайлов участкасига кела олмайдиган фуқаролар учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилган,- дейди 65-сайлов участкаси раиси Ҳулкархон Ҳамдамова. - Икки нафар ногиронлиги бор кўзи ожизлар ва ўн нафар бетоб инсонларнинг уйларида овоз беришни ташкил этамиз.
Дарҳақиқат, саломатлиги туфайли мактабга кела олмаган кишилар ҳам сайловдан четда қолишмади. Сайлов комиссияси аъзолари Илёсжон Ҳотамов ва Зуҳрахон Мамаджоновалар Боғдод кўчасида яшочи ногиронлиги бор ҳамда бемор маҳалладошлар ҳузурига йўл олишди. Дастлаб Санобархон Турғунова (суратда) билан учрашиб, унинг танлаган депутатликка номзодларга овоз беришини амалга оширишди.Кейин эса Ҳафизахон Ортиқованинг хонадонида бўлинди.


Тўрақўрғон туманидаги 2-мактабда жойлашган 393-сайлов участкасида ҳам сайлов омманинг фаоллигида ўтмоқда. Куннинг биринчи ярмида сайловчиларнинг аксарияти овоз бериб бўлганлиги бундан далолатдир. Сайлов участкасида барча шарт-шароитлар муҳайё. Айниқса шифокорлар “Тиббиёт хонаси”га учраган ҳар бир инсонга юқори малакали хизмат кўрсатишмоқда. Врач Сабоҳат Отабоева ва ҳамшира Нилуф Ҳазратқуловалар фаолиятидан эл мамнун.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жозки, вилоятдаги мавжуд 726 та сайлов участкаларида “Тиббиёт хоналари” ташкил этилган. Уларга 1452 нафар шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари бириктирилган. Белгиланган жиҳозлар ва тегишли дори-дармонлар таъминоти йўлга қўйилган. Шу билан бирга барча сайлов участкаларига тақсимланган 209 та тез тиббий ёрдам бригадаси эрталабдан-кечгача сайловчиларга хизмат қилади


Ҳозиргина Халқаро матбуот маркази Наманган вилоят бўлимида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди. Унда вилоят сайлов комиссияси раиси Шокиржон Мирзааҳмедов сайловнинг бориши ҳақида ахборот берди. Унинг маълум қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилаётган сайловларда соат 11 .00 га қадар 422 минг 841 нафар фуқаро ўзи ёқлаган номзодга овоз берди. Бу галги сайловда ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида имкониятлар яратилган. Айни дамда уларнинг 2 минг нафардан зиёди овоз беришда иштирок этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.