Наманган вилояти ҳокими ҳам овоз берди

 

22 декабрь том маънода орзиқиб кутилган кун ва бугун юртимиздаги барча оилалар худди байрамлардагидек биргаликда уйдан чиқиб, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик масъулиятини шахсан намоён этиш учун сайлов участкалари томон бормоқда. Бугун кун давомида шаҳару-қишлоқларимиз кўчалари шундай кўнгилли жонсараклик кайфиятидаги юртдошларимиз оқими билан файзиёб бўлади.
 
2.jpg
 
Биз сайлов жараёнлари билан танишишни Наманган шаҳридаги Орзу даҳасидан бошлашга қарор қилдик. Сабаби, аввало бу даҳа шаҳарда барпо этилган энг янги, энг замонавий, таъбир жоиз бўлса шаҳар ичидаги шаҳарча сифатида эътиборга тушган. “Қани, сайловга тайёргарлик ҳам, бу ерда истиқомат қилаётган сайловчиларнинг муносабати ҳам шунга муносибми?”, деган қизиқиш бўлса, қолаверса, вилоят раҳбарининг даҳадаги сайлов участкасида овоз бериши ҳам бизни шу томонга ундади.
 
2014-2016 йилларда намунавий лойиҳа асосида 700 дан зиёд уй-жой, Орзу маҳалла фуқаролар йиғини биноси, оталар чойхонаси, савдо ва маиший хизмат ҳамда банк шохобчалари, мини футбол майдони, болалар майдончаси қурилиб фойдаланишга топширилган мазкур даҳада 6 минг 400 дан ортиқ киши истиқомат қилади.
 
Улардан сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга 2996 нафар юртдошимиз ҳудуддаги 84-умумтаълим мактабида ташкил қилинган 141-сайлов участкасида ўзининг конституцион ҳуқуқидан фойдаланади, яъни сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлардан муносиб деб топганига овоз беради.
 
5.JPG
 
– Сайлов участкамиздаги жараён юқори савияда, шаффофлик, очиқ ва ошкоралик, адолат мезонлари асосида ўтишига ишонаман, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Ю. Раҳимова. – Чунки, овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли низоми асосида ўтиши учун барча шароит ва қулайликлар яратилди. Шунингдек, сайловолди ташкилий чора-тадбирлари ҳам сайлов комиссияси аъзолари томонидан ўз вақтида ва тўкис адо этилди.
 
Соат 08.00. Участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш қутиларини муҳрлади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида141-сайлов участкаси очилди.
 
Мазкур сайлов учаткасида 45 нафар йигит-қиз биринчи марта овоз беради. Шулардан бири Мадина Турсунова нафақат тенгдошлари, балки рўйхатга олинган сайловчилар орасида биринчи бўлиб сайлов участкасига келди ва ўз конституцион ҳуқуқини адо этди.
 
– Бугун ҳаётимда унутилмас кунлардан бири бўлиб қолади, – дейди Мадина. – Орзуим ва мақсадим ҳуқуқшунос бўлиш. Ҳозир ана шундай орзуларимнинг рўёби учун, Она-ватанимизнинг буюк келажаги учун ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
 
Сайлов участкасига вилоят ҳокими Х.Бозоров кириб келди. Қўлидаги таклифномада кўрсатилган рақам остидаги столга бориб, участка сайлов комиссияси аъзосига фуқаролик паспорти ҳамда таклифномани кўрсатди. Масъул ходим бир неча вароқли рўйхатдан ҳокимнинг исми-шарифини топиб, имзо қўйиш учун берди.
 
7.JPG
 
Шундан сўнг вилоят раҳбари сайлов бюллетенларини олиб барча сайловчилар қатори юз-кўзида, одимларида қатъият, ишонч, масъулият ифодаси билан овоз бериш кабинасига кириб кетди. Ниҳоят, саноқли дақиқалардан сўнг қайтиб чиққан Х.Бозоров қўлидаги батартиб тахланган бюллетенларни сайлов қутисига ташлади.
 
– Бугун ушбу даргоҳга ҳоким сифатида эмас, балки миллионлаб юртдошларимиз қатори сайловчи сифатида келдим, – дейди Х.Бозоров. – Бугунги сиёсий жараёнда бизнинг ижтимоий мавқеимиз, амал-мансабимизнинг аҳамияти йўқ, яъни барчамиз тенгмиз. Ҳамма бугун бу ерда ўзининг фуқаролик позициясини намоён этиши ва ҳимоя қилиши керак. Сайловга нисбатан лоқайдлик ўзининг, фарзандларининг тақдирига нисбатан лоқайдликдир, битта овоз келажагимизни белгилашини унутмаслигимиз керак. Зеро, сайлов натижалари янги Ўзбекистонимизнинг навбатдаги беш йиллик тақдирини белгилайди, беш йиллик тарихига пойдевор бўлади. Шу нуқтаи назардан мен сайловчиларни фаол бўлишга чақираман.
 
 
Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА