Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати сайлови бўйича такрорий овоз бериш якуни бўйича сайланган депутатлар РЎЙХАТИ

Батафсил...

Бугун  Тўрақўрғон туманида сайлов жараёни қизғин бошланди.

Исҳоқхон Ибрат номли хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб интернатига жойлашган 389-сайлов участкасида ҳам тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ташкил этилган ушбу ўқув даргоҳининг чиройи ва салобатидан  сайловчилар лол қолишди. Чунки бу мактабга ҳали кирмаган ва яратилган шароитларни кўрмаган фуқароларимиз ҳам бор эдида. Улар овоз беришни Юртбошимиз ва барча раҳбарларга ишларига омад, халқимизга тинчлик, фаровонлик  тилашдан бошлашди.

Унда биринчи марта овоз бераётган Гулноза Баратова интервью бераркан, аввало ёшларга яратиб берилаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ўзи танлаган номзодга овоз беришдан бахтиёр эканлигини билдирди.

 

Тўрақўрғоннинг Тошкент маҳалласида яшовчи 100 ёшни қаршилаган  Фатиқа она Исоқова хонадонига 402-сайлов участкаси комиссия аъзолари хонадонига кўчма қути билан боришди.

-Умрим меҳнат билан ўтди. Шукур, бугунги кунга етиш, мана шундай сайловларни кўриш насиб этди. Биз каби кексаларга алоҳида шароит яратилибди, барака топишсин,-деди онахон.

 

              Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.


Наманганда дастлабки натижалар эълон қилинди
Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та, вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, шаҳар ва туманлар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та сайлов округлари тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та округ сайлов комиссияларининг тегишли қарорлари билан 726 та сайлов участкалари тузилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятда рўйхатга олинган 1 млн. 581 минг 539 фуқародан 1 млн. 203 минг 151 нафари яъни сайловчиларнинг 76, 1 фоизи сиёсий жараёнларда иштирок этдилар. Натижаларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та округдан 11 тасида овоз бериш жараёнлари муваффақиятли ўтди. 2 та яъни Наманган шаҳридаги 44-Сардоба сайлов округида, Уйчи туманидаги 49 – сайлов округида, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 19 та округда, қайта сайловлар ўтказилади
Наманган вилоятида ЎЗ ЛиДеПнинг 3 нафар номзоди, ЎзМТДПнинг 1 нафар, ХДПнинг 4 нафар, “Адолат” СДПнинг 2 нафар, Экологик партиянинг 1 нафар вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари этиб сайландилар. Вилоятимизда сайлов жараёнини кузатиш учун учун 30 дан ортиқ хорижий кузатувчилар ва экспертлар ташриф буюрдилар.
Сайловларни ёритишда журналистлар, матбуот, телевидение, радио ходимлари, интернет сайтлари муҳаррирлари фаол иштирок этдилар. Улар томонидан сайловга тайёргарлик жараёнида 1000 дан ортиқ материаллар эълон қилинган бўлса, сайлов куни 200 дан ортиқ материаллар эълон қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоят телевиденияси республикада биринчилардан бўлиб сайлов жараёнларини тўғридан-тўғри эфирга узатди.


Наманган вилоятида айни пайтда сайлов жараёнлари бошланди ва бу қизғин давом этмоқда.
Сайловни бевосита ШҲТ, ЕХҲТ, МДҲ Халқаро кузатувчилар ташкилотларидан ташриф буюрган 26 нафар кузатувчилар кузатиб боришмоқда.
Республика вилоятлари орасида Наманган вилояти телерадиокомпанияси Фарғона водийсига сайлов жараёнларини тўғридан-тўғри жонли эфирга узатмоқда.
Бу албатта сайлов жараёнларининг шаффоф эканлигидан далолат беради.

 

Айни пайтда Наманган вилоятида 46 нафар юз ёшдан ошган пирубадавлатлар истикомат килмокдалар.
Мингбулоқ туманининг Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида Ҳадяхон она Ҳошимова истиқомат қилади. Онахон 116 ёшда. У сайлов бериш жараёнларида энг ёши улуғ сайловчи сифатида иштирок этди.
Қишлоқ марказидаги 34-умумтаълим мактабида жойлашган 226-сайлов участкаси аъзолари Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини “Дўстлик” кўчасидаги 47-уйда истиқомат қилувчи Ҳадяхон она Ҳошимованинг ҳузурига бордилар. Онахон яширин тарзда овоз бериб, сайлов блютенларини кўчма сайлов қутисига ташлади, юртимиздаги тинчлик, тўкинликка шукроналик билдириб, дуолар қилди.
Ҳадяхон онанинг келини Собирахоннинг айтишича, онахон сайловни интиқлик билан кутган. Яна қувонарлиси, бу галги сайловларда унинг Умиджон, Нуриддин, Осиё, Ирода, Азиза, Ақида, Хатича каби 72 нафардан зиёд фарзанд, набира, чевара ва эваралари ҳам фаол қатнашди, овоз бериш жараёнлари бошланиши билан ўзларининг сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишган. Улардан 7 нафари сайловда илк бор овоз берган.
Шунингдек, бугунги сайловларда Мингбулоқ туманидаги Бозорбоши маҳалласида яшовчи 110 ёшли Ҳафиза она Муллабоева, “Ўрта қишлоқ”да истиқомат қилувчи 105 ёшли Ибодат она Тоштемирова, Қирқ чек маҳалласилик 101 ёшли Тожихон она Турдалиевалар ҳам юртимиз тараққиёти ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнда муносиб номзодлар учун овоз бердилар.

Санжарбек ҲАМИДОВ.

Айни пайтда халқаро кузатувчилар Наманган вилоятига ташриф буюришди. Шанҳай Ҳамкорлик ташкилоти миссияси вакиллари Фанфан Син, Муратбек Азймбакиев ҳамда МДҲ ташкилотидан Светалана Власова, Галина Казак, , Аскар Рзаханов, Гульмат Арзигулова вилоят сайлов комиссиясида учрашув ўтказдилар. Вилоят сайлов комиссияси раиси Шокиржон Мирзааҳмедов  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида маълумотлар берди.

726 та сайлов участкаси сиёсий жараённи ўтказиш учун тахт қилиб қўйилди. Сайловларни ёритиш учун вилоятда 70 нафар ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтдилар. Халқаро кузатувчилар жойларда ташкил этилган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишмоқдалар.

Иброҳим ота уйида овоз берди

Наманган вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов сайловчиларнинг фаоллигида давом этмоқда. Вилоят сайлов комиссиясида ўтказилган брифингда маълум қилинишича, 22 декабрь куни соат 11.00 га қадар сайловчилар умумий сонининг 26,7 фоизи овоз бериб бўлди.
 
Шу билан биргаликда кексалар, ногиронлиги бор ёки бемор юртдошларимизнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларнинг ўз уйларида овоз беришларини ташкил қилиш участка сайлов комиссияларининг алоҳида эътиборида турибди.
 
Наманган туманининг Деҳқонобод маҳалласида 96 ёшдан ошган Иброҳим ота Ҳожаев бир умр ободонлаштириш корхонасида эл-юрт ободлиги йўлидаги ҳалол меҳнати билан ҳурмат-эътибор қозонган инсонлардан бири. Бундан ташқари бугунги кунда энг кенжаси 52 ёшни қаршилаётган ўн бир нафар фарзандига тарбия бериб, эл корига камарбаста қилиб қўйгани билан ҳавас ва ибратга арзигулик. Зеро, Иброҳим отанинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига мувофиқ “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан муносиб тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
 
Ҳудуддаги 72-умумтаълим мактабида ташкил этилган 239-участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма сайлов қутисини олиб Иброҳим отанинг уйига кириб борганида, отахон “Сайловлар қутлуғ бўлсин, болаларим”, дея кутиб олгани кексалиги ва бир оз беморлигига қарамай у кишининг руҳияти бардамлигидан далолат берди.
 
Комиссия аъзолари, аввало отадан ҳол-аҳвол, дуо сўраб, сўнгра мақсадга ўтди. Иброҳим ота комиссия аъзолари кўмагида рўйхатдаги ўзининг исми-шарифи тўғрисига имзо чекиб, ўзи муносиб деб билган номзодни белгилаган сайлов бюллетенини кўчма қутига ташлади.
 
– Яна ўн олти нафар нуроний, 14 нафар ногиронлиги бор ва бемор сайловчилар ҳузурига борамиз, – дейди 239-участка сайлов комиссияси раиси Р.Рўзиева. – Участкамизда сайловчилар фаол овоз бермоқда. Рўйхатга олинган 1 минг 670 нафар сайловчининг 70 фоизга яқини соат 11.00 гача овоз бериб бўлди.
 

Акромжон САТТОРОВ,ЎзА

Жаҳон сайлов амалиётида сайловга бир кун қолганда сайлов ташвиқоти тўхтатилади ва “Жимжитлик куни”, деб аталади.

Мамлакатимизда ҳам сайловдан бир кун олдинги кун сайлов ташвиқотлари тўхтатилади.

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Бу имконият сайловчиларга ўзи овоз берадиган партия, депутатликка номзод ҳақида чуқур ўйлаб, бир қарорга келишига ёрдам беради.
 

М.РЎЗИБОЕВА, ЎзА

Сайловларда нуроний отахон, онахонларимиз ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Қаюмбой ота Қўчқоров Тўрақўрғон туманининг 433-сайлов участкасидан рўйхатга олинган. Изғиринли ҳавони ҳам илитган қуёш тафти отахоннинг кайфиятини кўтариб, у барча маҳалладошлари қатори овоз беришга шошилди.
– Шу кунларга етказганига шукур. Сайловлар жуда қизғин ўтмоқда. Кексаю ёшнинг кўзларида қувончни кўриш мумкин. Улар Ватанимизнинг эртаси учун овоз бераётганларини ҳис қилмоқдалар, - дейди отахон.

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган мамлакатимиз муҳим сиёсий воқелик – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида. Якшанба - 22 декабрь куни ҳамюртларимиз ўзлари танлаган муносиб номзодларга овоз бериш учун сайлов участкаларига келадилар. Бу масканларда юртдошларимиз ўз ҳоҳиш-иродаларини эмин-эркин намоён этишлари учун барча шароитлар яратиб қўйилган. Шу жумладан малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида зарур имкониятлар ҳам муҳайё этилган.

 Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида сайловчиларга тиббий хизмат кўрсатилишини мувофиқлаштирувчи алоҳида штаб иш бошлади. Унга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров раҳбар этиб тайинланган. Малакали мутахассислардан иборат гуруҳ кеча-ю кундуз иш олиб бормоқда. Штаб тиббий хизмат билан боғлиқ ҳар қандай муаммони зудлик билан хал этиш ваколатига эга.

 Маълумот ўрнида таъкидлаш жозки, вилоятдаги мавжуд 726 та сайлов участкаларида “Тиббиёт хоналари” ташкил этилган. Уларга 1452 нафар шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари бириктирилган. Белгиланган жиҳозлар ва тегишли дори-дармонлар таъминоти йўлга қўйилган. Шу билан бирга барча сайлов участкаларига тақсимланган 209 та тез тиббий ёрдам бригадаси эрталабдан-кечгача сайловчиларга хизмат қилади. Ҳудудлардан тушган чақирувлар асосида шошилинч хизмат кўрсатилиши учун саломатлик посбонлари шай ҳолатда турибдилар.

 Наманган вилояти соғлиқни сақлаш  бошқармаси Ахборот хизмати.

Мамлакатимизда катта сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови юқори кўтаринкиликда ўтмоқда. Бугун вилоятимиздаги 726 сайлов участкаларида юртдошларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатсига сайлов ўтказувчи 13 та округ, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округ ҳамда туман(шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та округлардан кўрсатилаган номзодларни ёқлаб овоз бермоқдалар.
Овоз бериш жараёни Наманган шаҳридаги 14- мактабда жойлашган 64- ва 65- сайлов участкаларида ҳам зўр уюшқоқлик билан бошланди. Сайловга пухта тайёргарлик кўриб қўйилганлиги боис ҳамюртларимиз ўз ҳоҳиш иродаларини эмин-эркин намоён этишмоқда. Овоз беришнинг бориши бешта сиёсий партия вакиллари томонидан кузатиб турилибди.
- Сайлов участкасига кела олмайдиган фуқаролар учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилган,- дейди 65-сайлов участкаси раиси Ҳулкархон Ҳамдамова. - Икки нафар ногиронлиги бор кўзи ожизлар ва ўн нафар бетоб инсонларнинг уйларида овоз беришни ташкил этамиз.
Дарҳақиқат, саломатлиги туфайли мактабга кела олмаган кишилар ҳам сайловдан четда қолишмади. Сайлов комиссияси аъзолари Илёсжон Ҳотамов ва Зуҳрахон Мамаджоновалар Боғдод кўчасида яшочи ногиронлиги бор ҳамда бемор маҳалладошлар ҳузурига йўл олишди. Дастлаб Санобархон Турғунова (суратда) билан учрашиб, унинг танлаган депутатликка номзодларга овоз беришини амалга оширишди.Кейин эса Ҳафизахон Ортиқованинг хонадонида бўлинди.


Тўрақўрғон туманидаги 2-мактабда жойлашган 393-сайлов участкасида ҳам сайлов омманинг фаоллигида ўтмоқда. Куннинг биринчи ярмида сайловчиларнинг аксарияти овоз бериб бўлганлиги бундан далолатдир. Сайлов участкасида барча шарт-шароитлар муҳайё. Айниқса шифокорлар “Тиббиёт хонаси”га учраган ҳар бир инсонга юқори малакали хизмат кўрсатишмоқда. Врач Сабоҳат Отабоева ва ҳамшира Нилуф Ҳазратқуловалар фаолиятидан эл мамнун.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жозки, вилоятдаги мавжуд 726 та сайлов участкаларида “Тиббиёт хоналари” ташкил этилган. Уларга 1452 нафар шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари бириктирилган. Белгиланган жиҳозлар ва тегишли дори-дармонлар таъминоти йўлга қўйилган. Шу билан бирга барча сайлов участкаларига тақсимланган 209 та тез тиббий ёрдам бригадаси эрталабдан-кечгача сайловчиларга хизмат қилади


Ҳозиргина Халқаро матбуот маркази Наманган вилоят бўлимида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди. Унда вилоят сайлов комиссияси раиси Шокиржон Мирзааҳмедов сайловнинг бориши ҳақида ахборот берди. Унинг маълум қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилаётган сайловларда соат 11 .00 га қадар 422 минг 841 нафар фуқаро ўзи ёқлаган номзодга овоз берди. Бу галги сайловда ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида имкониятлар яратилган. Айни дамда уларнинг 2 минг нафардан зиёди овоз беришда иштирок этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 1-босқич талабаси Аҳроржон Абдуллаев бу йилги сайловлар туфайли берилган қулайликлардан хурсанд.

- Қуролли Кучларимиз сафида намунали хизмат қилганим учун имтиёзли тавсиянома асосида талабалик бахтига эришдим, - дейди у. – 22 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар куни муносабати билан талабаларга 15 кунлик таътил беришди. Эсон-омон уйимга етиб келдим ва сайловга оид янгиликлар билан танишдим, номзодлар ҳақида маълумотга эга бўлдим. Якшанба куни албатта, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга муносиб номзод учун овоз бераман.

Акрамжон Боқиев ва Дилдора Жамаловалар бугун муқадас аталмиш оила қуриш бахтига муяссар бўлмоқда, шу билан бирга улар Ватан олдидаги бурчларини унутмаган холда овоз бериш хуқуқларидан фойдаланиб 410-сайлов учусткасида муносиб номзодларга овоз бердилар.

18-умумтаълим мактаби биносига жойлашган 12-Лангарбобо сайлов округи таркибида 409 ва 408-сайлов участкалари мавжуд.  Жами 4971 нафар сайловчи рўйхатга олинган округда ватанимиз тарихидаги муҳим сиёсий воқеага катта ҳозирлик кўрилмоқда.

- 22 декабрь куни сайловни илк ташриф буюрувчилар билан Ўзбекистонимиз мадҳияси айтиш билан бошлаймиз, - дейди округ сайлов комиссияси раиси Руслан Исломов. – Ўқувчиларимиз бадиий чиқишлар ҳозирлашган. Савдо ярмаркаси ташкиллаш ҳаракатидамиз. Қисқаси, муҳим сиёсий тадбирга тайёрмиз.

Борихон Нажмиддинов раислигидаги 408-сайлов участкасида 2288 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Комиссия аъзолари келаётган якшанба куни ўтадиган республика миқёсидаги катта тадбирга тайёрлар: овоз бериш кабиналари талаб даражасида жиҳозланди. Кекса ва ёш болали сайловчилар учун «Бир зумда» кафеси ташкилланган. Участка жойлашган 17-мактаб ўқувчилари Фазлиддин Мингбоев раҳбарлигида байрам дастури тайёрлаб қўйишган.
- 20 йилдан бери сайлов комиссиясида фаолият юритаман, - дейди Б. Нажмиддинов. – Бу йилги сиёсий тадбир олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Жумладан, ҳар бир киши бир овоз бериш тартиби фуқароларнинг, партиялар сонининг кўпайгани эса мутасаддиларнинг масъулиятини оширди. Бир неча марта тренинглар ўтказиб, комиссия аъзолари малакасини оширдик. Айни кунга келиб, таклифномалар барча хонадон эгаларига етказилди. Ҳудуддаги 6 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

 

22 декабрь том маънода орзиқиб кутилган кун ва бугун юртимиздаги барча оилалар худди байрамлардагидек биргаликда уйдан чиқиб, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик масъулиятини шахсан намоён этиш учун сайлов участкалари томон бормоқда. Бугун кун давомида шаҳару-қишлоқларимиз кўчалари шундай кўнгилли жонсараклик кайфиятидаги юртдошларимиз оқими билан файзиёб бўлади.
 
2.jpg
 
Биз сайлов жараёнлари билан танишишни Наманган шаҳридаги Орзу даҳасидан бошлашга қарор қилдик. Сабаби, аввало бу даҳа шаҳарда барпо этилган энг янги, энг замонавий, таъбир жоиз бўлса шаҳар ичидаги шаҳарча сифатида эътиборга тушган. “Қани, сайловга тайёргарлик ҳам, бу ерда истиқомат қилаётган сайловчиларнинг муносабати ҳам шунга муносибми?”, деган қизиқиш бўлса, қолаверса, вилоят раҳбарининг даҳадаги сайлов участкасида овоз бериши ҳам бизни шу томонга ундади.
 
2014-2016 йилларда намунавий лойиҳа асосида 700 дан зиёд уй-жой, Орзу маҳалла фуқаролар йиғини биноси, оталар чойхонаси, савдо ва маиший хизмат ҳамда банк шохобчалари, мини футбол майдони, болалар майдончаси қурилиб фойдаланишга топширилган мазкур даҳада 6 минг 400 дан ортиқ киши истиқомат қилади.
 
Улардан сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга 2996 нафар юртдошимиз ҳудуддаги 84-умумтаълим мактабида ташкил қилинган 141-сайлов участкасида ўзининг конституцион ҳуқуқидан фойдаланади, яъни сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлардан муносиб деб топганига овоз беради.
 
5.JPG
 
– Сайлов участкамиздаги жараён юқори савияда, шаффофлик, очиқ ва ошкоралик, адолат мезонлари асосида ўтишига ишонаман, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Ю. Раҳимова. – Чунки, овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли низоми асосида ўтиши учун барча шароит ва қулайликлар яратилди. Шунингдек, сайловолди ташкилий чора-тадбирлари ҳам сайлов комиссияси аъзолари томонидан ўз вақтида ва тўкис адо этилди.
 
Соат 08.00. Участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш қутиларини муҳрлади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида141-сайлов участкаси очилди.
 
Мазкур сайлов учаткасида 45 нафар йигит-қиз биринчи марта овоз беради. Шулардан бири Мадина Турсунова нафақат тенгдошлари, балки рўйхатга олинган сайловчилар орасида биринчи бўлиб сайлов участкасига келди ва ўз конституцион ҳуқуқини адо этди.
 
– Бугун ҳаётимда унутилмас кунлардан бири бўлиб қолади, – дейди Мадина. – Орзуим ва мақсадим ҳуқуқшунос бўлиш. Ҳозир ана шундай орзуларимнинг рўёби учун, Она-ватанимизнинг буюк келажаги учун ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
 
Сайлов участкасига вилоят ҳокими Х.Бозоров кириб келди. Қўлидаги таклифномада кўрсатилган рақам остидаги столга бориб, участка сайлов комиссияси аъзосига фуқаролик паспорти ҳамда таклифномани кўрсатди. Масъул ходим бир неча вароқли рўйхатдан ҳокимнинг исми-шарифини топиб, имзо қўйиш учун берди.
 
7.JPG
 
Шундан сўнг вилоят раҳбари сайлов бюллетенларини олиб барча сайловчилар қатори юз-кўзида, одимларида қатъият, ишонч, масъулият ифодаси билан овоз бериш кабинасига кириб кетди. Ниҳоят, саноқли дақиқалардан сўнг қайтиб чиққан Х.Бозоров қўлидаги батартиб тахланган бюллетенларни сайлов қутисига ташлади.
 
– Бугун ушбу даргоҳга ҳоким сифатида эмас, балки миллионлаб юртдошларимиз қатори сайловчи сифатида келдим, – дейди Х.Бозоров. – Бугунги сиёсий жараёнда бизнинг ижтимоий мавқеимиз, амал-мансабимизнинг аҳамияти йўқ, яъни барчамиз тенгмиз. Ҳамма бугун бу ерда ўзининг фуқаролик позициясини намоён этиши ва ҳимоя қилиши керак. Сайловга нисбатан лоқайдлик ўзининг, фарзандларининг тақдирига нисбатан лоқайдликдир, битта овоз келажагимизни белгилашини унутмаслигимиз керак. Зеро, сайлов натижалари янги Ўзбекистонимизнинг навбатдаги беш йиллик тақдирини белгилайди, беш йиллик тарихига пойдевор бўлади. Шу нуқтаи назардан мен сайловчиларни фаол бўлишга чақираман.
 
 
Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА